Елена Малишева тавсия этган мукаммал парҳез (кунига 0.5кг озиш мумкин)

Телебошловчи Елена Васильевна Малишева тавсия этган, бугунги кунда жуда оммалашган овқатланиш тартиби ҳақида эшитган бўлсангиз, ажабмас. Бир неча йил аввал унинг ўзи ортиқча вазндан қийналиб, ўз шахсий намунасида самарали парҳез тури мавжудлигини исботлашга киришган экан. Бундан ташқари, Елена Малишева парҳезшунослик ва гастроэнтерология бўйича мутахассис, хизмат кўрсатган шифокор, профессор, тиббиёт фанлари докторидир.

Турли парҳезлар билан ўзини қийнаб, оқибатда озиш у ёқда турсин, соғлиғидан ажралган кишилар «парҳезда энг қийини озиш эмас, балки йўқотилган килограммларни қайтармаслик» эканлигини билишади. Агар қуйидаги қоидаларга амал қилсангиз, ортиқча вазнни йўқотиш ва айни дамда уни қайтармасликнинг йўли бор.

БИРИНЧИ ҚОИДА: «ОЧ ҚОЛИШ МАН ЭТИЛАДИ!»

Парҳезда «Рухсат этилганидан кўра камроқ еб, тезроқ озаман», деб ўйламанг. Тўғри, оз фурсатли натижа кузатилиши мумкин, лекин кейин организмда метаболизм жараёнининг секинлашуви кузатилади (оч организм ўз захирасини имкон қадар бермасликка ва янгисини «қора кунга олиб қўйиш»га интилади) ҳамда кутган ечимга эришилмаслиги мумкин. Мабодо сиз парҳезга амал қилолмай, уни ташлаб қўйсангиз, вазнингиз дарҳол аввалги ҳолига қайтади.

Ҳамма гап бизнинг ирсиятимизда. Инсоният тараққиёти аввалида организмда аниқ бир тизим шаклланган: очлик – тери остидаги ёғни ишлатиш, овқат – келажакда юз бериши мумкин бўлган очликдан сақланиш учун захирага олиб қўйиладиган ёғ. Афсуски, бугун организмимиз шунчаки қоматни яхшилаш учун озиш мумкинлигини тушунмайди. Шундай бўлмаслиги учун, Малишеванинг фикрича, «организмда мунтазам равишда тўйдириб туриш керак».

dieta

2-ҚОИДА: КЎП ВА КАМ-КАМДАН

Организмимиз бўкиб ейишга эмас, балки очликка қарши курашишга одатланган. Шунинг учун бизда тўқлик ҳисси тўйганимиздан анча кейин келади, унгача эса анча-мунча ортиқча егуликни паққос тушириб қўйган бўламиз. Одам тўлишгани сайин унда мана шу тўйганлик ва тўқлик ҳисси орасидаги вақт ортиб боради. Шу тариқа, тўладан келган одамлар кўп еб юборишади, чунки улар тўйиш нималигини билмай қолишади.

Бунинг олдини олиш учун овқаланишни вақтларга бўлинг. Кунига 5 маҳал овқатланиш (3 мартаси асосий ва 2 таси енгил тамадди) даркор. Кичик порциядаги егулик ейганимиздан бир неча соат ўтиб, ҳали очқамай туриб яна тамадди қилиб оламиз. Шу тариқа нафсимизни тарбиялаймиз, «Ҳаммаси яхши, овқат жуда кўп, қара – мен кўп-кўп бир нималар еб оляпман», дегандек бўламиз. Бу сигналлар ҳақиқатан ҳам иш беради.

Бундан ташқари, кичик порциялар билан овқатланиш оқибатида ҳафтасига ошқозон ҳажмини чорак қисмгача кичрайтириш мумкин экан! Ошқозон ўзи мушакли қопча бўлиб, у торайиш ва кўп ейилганда кенгайиш хусусиятига эгадир. Айнан мана шундай овқатланиш тартиби организмни модда алмашинув жараёнини меъёрда ушлаб туриб, уни иқтисод режимига ўтмасликка ундайди, демак киши ҳақиқатан озиши мумкин. Бундай овқатланишга риоя қиладиган киши эса очлик ҳиссидан қийналмай, нормал ҳаёт кечира олади.

3-ҚОИДА: ОДДИЙ АРИФМЕТИКА

Ўртача ҳисоблаганда, у қадар фаол бўлмаган аёл учун кунига 1200 Ккал етади. Бироқ фаол кишилар егулигидаги калориялар миқдори ҳам кўпроқ бўлиши керак.

Маҳсулот олаётганда албатта сифатли, янги ва фойдалисини танланг. Тайёр егуликларнинг таркибига эътибор қаратинг, унда турли сунъий бўёқ ва қўшилмалар бўлмаслиги даркор.

Қуйидаги маҳсулотлар истеъмолини иложи борича камайтиришга ҳаракат қилинг:

·ҳайвонлар ва ўсимликлар ёғи;

·туз;

·шакар ва таркибида шакар мавжуд бўлган пишириқлар;

·хамирли егуликлар, картошка, гуруч, сабзи, лавлаги;

·турли алкоголли ичкиликлар.

Айни дамда углеводли маҳсулотлар (хамирли егуликлар, картошка, гуруч, сабзи, лавлаги)ни таркибида ёғ мавжуд маҳсулотлар билан (сут-қатиқ маҳсулотлари, ёғли гўшт) биргаликда емаслик керак.

ovoshi

*****Елена Малишева тавсия этадиган тахминий таомнома:*****

8.00 – нонушта. Сутли бўтқа, унга қирғичдан чиқарилган олма, мевалар солиш мумкин. Яна ёғи олинган йогурт, қатиқ ёки творог ейиш мумкин.

10.00 – иккинчи нонушта. Иккита олма ёки мандарин, бошқа мевалар.

12.00 – тушлик. Оқсилли маҳсулотлар – ёғсиз гўшт, товуқ ёки балиқ, тухум, истаганча кўкатлар. Тузни иложи борича камроқ ишлатинг. Унинг ўрнига лимон суви қўллаш мумкин. Егуликларни қовуриш эмас, балки қайнатиш ёки димлаш тавсия этилади.

16-17.00 – иккита олма ёки мандарин, бошқа мевалар.

Кечки овқат 19.00 дан кеч бўлмаслиги керак. Сабзавотли салатлар, ёғи олинган кефир, тухум ейиш мумкин.

Бундан ташқари кун давомида 1,5-2л.дан кам бўлмаган миқдорда сув ичиш тавсия этилади. Овқат ейишдан 1 соат олдин ва кейин бир стакан сув ичишга одатланинг.

Юқоридаги таомномага амал қилишингиз ёки қоидалардан четлашмаган ҳолда ўз таомномангизни тайёрлашингиз мумкин. Асосий қоида – айтилган калориялар миқдоридан четланмаслик ва табиий, соғлом овқатланиш тартибига амал қилиш.

4-ҚОИДА: ЧАЙНАШ ВА ЯНА ЧАЙНАШ

«Овқатни жуда кўп вақт чайнаш керак», дейди Малишева. Бу билан биз ўз организмимизга ёрдам берган бўламиз. Сўлак – худди ошқозон ширасидек нарса, лекин миқдори кам. Кўп чайнаш натижасида сўлак ёрдамида оғиздаёқ ҳазм жараёни бошланади. Оғизда «ҳазм бўлган» углеводларнинг кейинроқ ёғ моддасига айланишига имкон қолмайди. Овқатни кўп чайнаш юрак ва овқат ҳазм қилиш тизимига босимни камайтириб, антитоксик таъсир қилади, шунингдек тишлар соғломлигини оширади. Шифокор ҳар бир луқмани камида 18 бор чайнашни маслаҳат беради.

УНДАН СЎНГ

Ушбу қоидаларга амал қилсангиз, вақт ўтиши билан вазнингиз камая боради, энди уни ушлаб туриш керак. Бунинг учун ушбу қоидаларга бир умр содиқ қолишингиз даркор.Агар бу қоидалар турмуш тарзингизга айланса, ишонаверинг, қоматингиз доим бир хил, чиройли ва мукаммал туради, соғлиғингиз ҳам яхшиланади.

Елена Васильевнанинг айтишича, ушбу парҳез турига амал қилган киши ҳар куни тахминан 0,5 килограммга озади. 14 кун ичида 7 килограммга озиш – яхши натижа, лекин энг асосийси – нафақат ортиқча вазндан қутулиш, балки соғлом турмуш тарзига одатланишдир.

Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

9 + 6 =