Шишиш: хавотирга ўрин бор! (сабаби ва енгиш чоралари)

Нега биз баъзида худди пуфак каби шишиб кетамиз? Кечагина енгил қадам ташлаб, ўзимизни яхши ҳис қилаётган эдик, бугун эса қўлимиздаги узукни ечолмаймиз, кўйлагимиз тугмачасини зўрға қадаймиз, оёқлар шишиб, пойабзалга зўрға сиғади… Нега бундай бўлади?

Муаммо бир нечта бўлишига қарамай, унинг сабаби иккитадир:биринчиси овқат ҳазм қилиш тизимида газлар ҳосил бўлиши бўлса, иккинчиси эса организмда ортиқча суюқликнинг йиғилишидир.. Агар сизни шишиш мудом безовта қилаётган бўлса, шифокорга мурожаат этиб, унинг асл сабабини билганингиз маъқул. Биз эса бугун вақти-вақти билан ҳосил бўладиган шишиш ҳақида гаплашамиз.

Балки бу аллергиядир

Қорнингиз дам бўлиши, балки, аллергиядандир? Кўпгина катта ёшдаги одамлар организми лактоза, глютен ёки фруктозага сезгир бўлиб, уни қабул қилмаслиги ва айни дамда буни ўша инсоннинг ўзи билмаслиги ҳам мумкин.

Агар организм сут қанди (лактоза)ни кераклича парчаламаса, қалин ичакда бижғиш жараёни юзага келиб, газ йиғилади. Гарчи сиз умрингиз давомида сут ичиб келган бўлсангиз ҳам, бир куни бу муаммо пайдо бўлиши мумкин. Чунки ёш ўтиши билан организм сут маҳсулотларини ҳазм қилишда иштирок этадиган ферментни кам ишлаб чиқаради, бу эса ўз навбатида ҳазм бўлиш жараёнини қийинлаштиради. Худди шуни фруктоза ҳақида ҳам айтиш мумкин: сиз бир умр еб юрган оддий мевали салат бир кун келиб сизга муаммо келтириши мумкин.

Агар сизда бирон егуликка нисбатан аллергия бўлса, нима қилиш керак? Шифокорлар ушбу ҳолатда беморга парҳез буюришади. Яъни, барча лактоза, фруктоза ва сўрилмайдиган углеводлар (глютен) таомномадан олиб ташланади. Булар сут маҳсулотлари, айрим мева-сабзавотлар, донли, дуккакли, баъзи бир соя маҳсулотларидир. Орадан бироз вақт ўтиб, шифокор назоратида киши тақиқланган маҳсулотларни биттадан еб кўради. Шу тариқа, кўп ўтмай, қайси егулик қорин шишиши ва газлар хосил бўлишига туртки берганини билиб олиш мумкин.

Тузни камайтирамиз

Туз суюқликни ушлаб қолади. Агар қонингизда натрий йиғилмаси бўлса, организм туз йиғилмасини камайтириш учун сувни махсус йиға бошлайди. Нохуш ҳолат юзага келмаслиги учун эса тузни камроқ истеъмол қилишингиз даркор. Лекин бу бироз мушкул, чунки биз истеъмол қилаётган аксарият маҳсулотларда (турли консервалар, колбаса, дудланган егуликлар ва бошқалар) туз миқдори меъёрдан анча юқоридир. Инсон бир кеча-кундузда 2300 миллиграммдан ортиқ туз истеъмол қилмаслиги лозим. Агар овқатга консерва маҳсулотларидан солсангиз, бу ундаги туз миқдорини кўпайтириб юборади. Шу боис бу каби маҳсулотларни қўллашдан олдин уларни ювиш тавсия этилади.

Пешоб ҳайдовчи маҳсулотлар

Пешоб ҳайдовчи маҳсулотлар ортиқча суюқликдан, шишишдан, газлардан халос этади. Айни дамда бирон дори ичишингиз шартмас. Атрофимизда пешоб ҳайдовчи воситалар жуда кўпдир. Жумладан, тарвуз энг ширин пешоб ҳайдовчи полиз экини саналади. Шу билан бирга, бодринг ҳам жуда фойдали сабзавотдир.

Баъзи бир сунъий ширинликлар таркибида сорбит, қанд спирти бўлади. Қанд спирти ҳазм бўлмайди, оқибатда у ичакда бижғиб, ўзидан кўплаб бактерия ва газлар чиқаради, натижада қорин дам бўлади. Дарвоқе, сақич таркибида ҳам сорбит мавжуд. Агар сиз сақични кўп чайнасангиз, қорнингизни дам қилиши мумкин.

Сабзи, апельсин енг

Бу маҳсулотлар калийга бойдир. Шунингдек, қовун, банан, сельдерейда ҳам калий сероб. Калийга бой маҳсулотлар шишни қайтаради, организмдаги ортиқча тузларни камайтириб, сув йиғилишига тўсқинлик қилади.

Ҳаёт ҳаракатдан иборат

Ошқозон-ичак тизими бу мушак бўлиб, ҳар қандай мушак доимий равишда ҳаракатда бўлмаса, бўшашиб қолади. Жисмоний машқлар бу мушакнинг қисқаришига туртки беради. Бу эса ўз навбатида овқат ҳазм бўлиб, газлар чиқиб кетишига ёрдам беради.

М.РАҲМАТОВА тайёрлади.

Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

двадцать + четырнадцать =