Оғиздан нохуш ҳид келса…

“Галитоз” тиббий термин бўлиб, оғиздан ёмон ҳид келишини билдиради. Оғиздан нохуш ҳид келиши — бу нафақат, оғиз бўшлиғидаги, балки ички аъзолардаги турли касалликлардан дарак бериши мумкин. Бу ҳолат одамнинг бошқалар билан мулоқот қилишига тўсиқ бўлади ва маълум маънода, руҳий зарба ҳам бера олади. Галитоз мунтазам ва вақти-вақти билан, дейлик, қорин очганда ёки овқат егандан сўнг безовта қилиши мумкин. Вақт етишмаслигидан ёки бошқа сабабларга кўра, кўп одамлар стоматолог ҳузурига боришни ортга сураверадилар. Оғиздаги нохуш ҳидни эса, сақич ёки ялпизли конфет билан яширишга уринадилар.

Оғиз бўшлиғидан нохуш ҳид келишига баъзан гигиенага риоя қилмаслик ҳам сабаб бўлади. Тишлар ювилмаганда ёки чала ювилганида оғиз бўшлиғидаги бактериялар тилда тўпланади ва улар ўзидан ёқимсиз ҳид тарқатади. Шунингдек, стоматит, пародонтит, кариес каби тиш касалликлари ҳам шундай ноқулай ҳолатга сабаб бўлади. Уйқу вақтида оғзини очиб ухлайдиганлар ҳам айни вазиятга тушиб қолишлари мумкин.

БОШҚА КАСАЛЛИКЛАР БЕЛГИСИ

Оғиз ҳидланиши нафас йўллари инфекциялари, гастрит, ошқозон яраси каби ошқозон-ичак касалликлари, бурун бўшлиғидаги сурункали касалликлар, қандли диабетдан огоҳ қилиши мумкин.

УНУТМАНГ!

Ялпизли сақич сизни вақтинча муаммодан халос қилиши мумкин, лекин у айни ҳолатнинг сабаблари билан кураша олмайди. Шунинг учун ҳам, оғизни кунига икки марта яхшилаб ювгандан кейин ҳам, нохуш ҳид йўқолмаса, стоматолог ҳузурига боришни кечиктирманг.

ҚАНДАЙ АНИҚЛАШ МУМКИН?

Бундай муаммо бор ёки йўқлигини аниқламоқчи бўлсангиз, уй шароитида бир нечта усулларни тавсия этамиз:

Пахта билан тилнинг ўртароғини артиб, уни ҳидлаб кўринг.

Тиш чўткасидан фойдалангандан сўнг, бир-икки дақиқа ўтгач, уни ҳидланг, агар нохуш ҳид сезилса, демак, мутахассисга учрашиш керак.

Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

7 − 1 =