Сут кўпайсин, десангиз…

Гўдак учун энг мақбул таом – она сути эканлигини ҳамма оналар яхши билишади. Лекин баъзида қандайдир сабабларга кўра сут камайиб кетиши, бола эса сутга тўймай қолиб, унинг вазни етмай қолиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Лекин бу ҳолатда ваҳима қилиб, болага қўшимча овқат беришга шошилманг. Энг қимматбаҳо болалар бўтқаси ҳам ҳеч қачон она сути ўрнини босолмайди. Шу боис болакайга қутичадаги сунъий овқатни едиришдан олдин сутингизни кўпайтириш чораларини кўринг.

Хўш, болакай сутга тўлиб, қувноқ ва соғлом улғайиши учун нима қилиш керак?

ТАҲЛИЛ ҚИЛАМИЗ

Аввалига вазиятни ўрганиб чиқамиз. Болакайга ҳақиқатан ҳам сут етарли эканини билиб олиш учун, унга таглик (подгузник, «памперс») кийдирманг ва бошқа қўшимча овқат бермай, фақат эмизинг. Агар у бир сутка давомида 12 ва ундан кўп марта сийса (бу тахминан 400 грамм бўлади), бу меъёрий саналади. Агар ҳўл камроқ бўлса, унда вазиятни ўрганиб чиқамиз.

Болакайга сув ичирасизми? Аслида олти ойлик бўлгунига қадар унинг умуман сувга эҳтиёжи бўлмайди. Аксинча, у зарарлидир, чунки чақалоқ сувни қанча кўп ичса, шунча кам эмади. Оқибатда она кўкрагида сут кам ишлаб чиқарила бошлайди.

БОЛА ЎЗИ БИЛАДИ

Болангизни тартиб бўйича эмизаётган бўлсангиз, демак – сут камайишига ўзингиз айбдорсиз. Аслида бола доим эмиб туриши керак. Айниқса, кечқурунги эмизишнинг аҳамияти катта. Чунки айнан шу пайт сут учун жавоб берадиган пролактин гормони ишлаб чиқарилади. Тартибга амал қилмай, болани у хоҳлаган пайт ва у истаганича эмизиб кўринг. Шунда сутингиз ўз-ўзидан кўпайиб кетаётганини ҳис қиласиз.

Бундан ташқари, болакай она кўкраги ўрнига сўрғич эмганда ҳам она сути камайиб кетади. Гап шундаки, болада эмиш рефлекси мавжуд бўлиб, у сут кўпайишига ҳам ёрдам беради. Шу боис сўрғич ўрнига болага доим кўкрак тутинг. Сут кам бўлса ҳам хавотирланманг, болакай нима қилишни ўзи билади. Вақт ўтиши билан сут албатта кўпаяди.

КЎПАЙТИРИШ ЙЎЛЛАРИ

·Ҳар гал эмизишдан олдин ва кейин ҳар қандай сут-қатиқ маҳсулотларидан тахминан 200 миллилитр ичинг.

·50-60 грамм анжир қоқиси олиниб, 200 грамм қайноқ сувда 30 дақиқа давомида дамланади ва кунига 4 маҳал 1-2 стакандан ичилади.

·Нилуфар гулини дамлаб, шарбати олинади ва унга арпа дамламаси аралаштирилиб, кунига 3-4 маҳал 1-2 пиёладан ичилади.

·1 ош қошиқ мойчечак гуллари олиниб, устига бир стакан қайноқ сув қуйилади. Идишни сочиқ билан ўраб қўйиб, ярим соатдан сўнг докадан сизиб оламиз. Уни кунига уч маҳал, овқатдан 15-20 дақиқа олдин, 1/3 стакандан ичилади.

·Қичитқили дамлама эса қуйидагича тайёрланади: 3 чой қошиқ ушбу қуритилган ўтни икки стакан сувда 10-15 дақиқа қайнатасиз, сўнг уни кун давомида ичишингиз мумкин.

·Ёнғоқ сут кўпайишига ёрдам беради ва ундаги ёғ миқдорини оширади. Яна ёнғоқларни бироз сутда бироз қайнатиб, ушбу дамламадан мунтазам равишда ичиш ҳам фойдалидир. Лекин ёнғоқни ҳаддан зиёд ейиш тавсия этилмайди, у аллергия чақириши мумкин.

·Халқ табобатида укропнинг ер устки қисми ҳамда меваси дамламаси эмизикли аёллар сутини кўпайтирувчи дори сифатида ишлатилади.

·Ультратовуш муолажаси, акупунктура, сут безларига қўйиладиган компресс ҳам сутни кўпайтиради.

·Дори воситаларидан эса Апилак, Е витамини, никотин кислотасини ичиш мумкин.

ЯНА…

Болани кўпроқ қучоқланг, эркаланг. Чунки сут боланинг эҳтиёжига кўра келади. Яна бир муҳим жиҳат бу – ўз кучига ишониш. Она қанча тинч-хотиржам бўлса, унинг сути ҳам шунча кўп бўлади. Шу боис доим ўзингизни хурсанд қилиб юринг. Илиқ сувда чўмилиш, ширин егуликлар ейиш, сайрга чиқиш, яхши фильмлар кўриш эмизикли аёл учун жуда зарурдир.

 

 

Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

семь + 8 =