ДАРСЛАР ҚИЙИН БЎЛИБ КЕТЯПТИ. Болага қандай ёрдам бериш мумкин?

Мактаб ўқувчилари зиммасига тушадиган ортиқча зўриқиш — бугун ўқитувчилар, шифокорлар ва биринчи навбатда, ота-оналарни ташвишлантираётган масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Чунки ақлий зўриқиш стрессларга олиб келиб, боланинг жисмоний саломатлигига таъсир кўрсатади.

МУҲИМ

Катталар кўпинча вақт етишмовчилигидан нолиб, ўз ташвишсиз болаликларини хўрсиниб эслашади. Аслида, замонавий болаларнинг болалигини у қадар ҳам беташвиш деб бўлмайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мактаб ўқувчисининг соғлиги ёмонлашувининг асосий сабаби, бу вақт етишмовчилигидан келиб чиқадиган стрессдир. Сўнгги йиллар ичида мактабдаги дарслар кўлами икки баробарга ошган. Шунга кўра уй вазифалари ҳажми ҳам кўпайган. Шунингдек, аксарият болалар спорт тўгараклари, мусиқий ё бадиий машғулотлар, қўшимча дарсларга қатнашади. Натижада ҳаммасига улгуриш учун улар шошишлари даркор, ўйин-кулгу, кўчага эса вақт қолмайди.

МАКТАБ ҚАНЧА “КУЧЛИ” БЎЛСА…

Физиологларнинг тадқиқотларига кўра, ихтисослашган мактабларда бошланғич синф ўқувчиларининг 40 фоизида яширин ёки очиқ невроз белгилари намоён бўлган. Ўсмирлар орасида эса, бу кўрсаткич 70 фоизгача боради. Мактаб қанчалик “кучли” бўлса, болага нисбатан талаб ҳам шунча катта бўлади.

Шунинг учун бирон бир фан ёки фанлар чуқур ўргатиладиган мактабларда ўқув чораги ва йилига келиб боланинг фаоллиги сусаяди.

ДАРВОҚЕ…

Бундай салбий оқибатларга болаларнинг камҳаракатлилиги ҳам сабаб бўлмоқда. Бугун бола ўз бўш вақтини кўчада ўйнаб эмас, балки телевизор ёки компьютер қаршисида ўтказмоқда. Педиатр ва физиологларнинг ҳисоб-китобига кўра, кичик синфдаги болаларннг 30-40, катта синфдаги ўқувчиларнинг 80 фоизида жисмоний фаоллик етишмайди.

ОНАЛАРГА ЭСЛАТМА

Боланинг толиқиб қолганлиги ёки у сурункали асабийлашаётганини билиб олиш мумкин. Бунинг учун унга яхшироқ эътибор беринг.

·У эътиборини бир ерга йиға олмайди. Уй ишини бажараётиб, диққатини бир жойга жамлай олишга қийналади, ўқитувчилар эса боланинг дарсда қулоқ солмаслиги, жонсараклигидан шикоят қилишади.

·Кечқурун бола гарчи кеч ётса ҳам, осонликча ухлай олмайди.

·Боланинг иштаҳаси ёмон, у оза бошлаган.

·Кичик синфдаги болалар жонсарак, катта синфларда ўқийдиган болалар эса жиззаки ва сержаҳл бўлиб қолишади, унинг кайфияти ўзгариб туради.

·Боланинг боши оғриб, мунтазам равишда қон босими кўтарилиб туради. Айниқса, бу қиз болалар орасида кўп учрайди.

Агар юқоридаги белгиларнинг бирортаси болангизда 1,5-2 ҳафта давомида сақланиб турса, албатта, шифокорга мурожаат этиш керак.

bola-maktab

SOS

Сурункали чарчоқ боланинг жуда кўп шамоллашида ҳам акс этиши мумкин. Гап шундаки, ақлий зўриқиш организмнинг кўникувчанлигини, шу жумладан, иммун тизимини ҳам сусайтиради.

Мактабдаги стресслар чоғида сурункали касалликлар сони ҳам кўпаяди. Улар орасида нафас йўли ва овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари биринчи ўринни эгаллайди, иккинчи ўринда юрак-қон томир бўлса, учинчи ўринда асаб тизими ва таянч-ҳаракат аппарати патологияси туради. Статистик маълумотларга кўра, ўқув чоғида сурункали касалликларга эга болалар сони икки баробар ошади.

ЁДДА ТУТИНГ

·Бола компьютер олдида кўп ўтирмаслигига эътибор беринг. Ўсмир бола монитор олдида бир ярим соатдан кўп қолмаслиги даркор. 8 ёшгача бўлган болалар эса, кунига 40 дақиқа, 7 ёшдан кичик болалар эса, 20 дақиқадан кўп бўлмаслиги керак. Шунда ҳам орада 10 дақиқалик танаффус қилиб олиш зарур.

·Фарзандингизнинг кўнглига ёқадиган машғулот топинг. Кўпинча бола хоҳламаган ҳолда мусиқий ёки бошқа тўгаракларга қатнайди, лекин буни тан олишдан қўрқади. Болангиз билан дилдан суҳбатлашиб, унга нима ёқишини билиб олинг. Агар инсон нима биландир ҳақиқатдан ҳам, қизиқса, у қадар чарчамайди, стресс ҳолатлари ҳам камроқ бўлади. Нима бўлган тақдирдаям, қўшимча машғулотлар 19.00 гача тугаши керак, акс ҳолда дам олишга вақт қолмайди.

·Бола кун тартибига амал қилиши муҳим: у бир хил вақтда уйқудан уйғониб, овқатланиб, ётиши керак. Бола 8-9 соат ухлаши керак.

·Доим болангизни қўллаб-қувватланг. Ютуқларини рағбатлантириб, омадсизликларида унга жазо берманг.

·Боланинг кўпроқ ҳаракатланишига эътибор беринг. Жисмоний фаоллик асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатади.

·Боланинг овқатланиши ҳам жиддий масалалардан биридир. Таомномада оқсил (у ёғсиз гўшт, балиқ, творогда мавжуд), мураккаб углеводлар, шунингдек, витаминлар бўлиши керак. Мия яхши ишлаши учун ёғли балиқ, ҳидсизлантирилмаган ўсимлик ёғи ва ёнғоқлар таркибига кирувчи ёғли кислоталар ҳам зарурдир.

ТАВСИЯЛАР

Дарс тайёрлаётган бола чарчамаслиги учун бир неча қоидаларга риоя қилинг:

·Дарс тайёрлашга иложи борича, соат 15.00-16.00 ларда ўтиринг. Бу пайтда инсон организмидаги табиий ишчанлик ошади.

·Ишни бошлашдан олдин режа тузиб, керакли барча анжомлар: дарслик, дафтарлар, канцелярия молларини тайёрлаб қўйинг.

·Ишни кўпроқ вақт ва куч талаб этадиган фандан бошлаган маъқул. Шу билан бирга, аниқ ва гуманитар фанларни кетма-кет бажаринг.

·Бола дарс тайёрлаётган стол устида уни чалғитадиган нарсалар: ўйинчоқлар, ёқилган телевизор, компьютер ўйинлари бўлмаслиги даркор.

·40-50 дақиқадан сўнг 10 дақиқалик танаффус қилинг. Бу вақтда сув ичиш, жисмоний ёки кўз учун мўлжалланган машқларни бажариш мумкин.

·2-3 синф ўқувчиси дарс тайёрлашга 1,5 соат, 4-5 синфдаги болалар 2 соат, 6-8 синф ўқувчиси 2,5 соат ва 9-синф бола 3,5 соат вақт ажратишига эътибор беринг.

Ш. ҲАСАНОВА тайёрлади

 

Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

один × 5 =