Абдулла Ориповнинг келажакка мактуби ёҳуд «Тинч ётсин десангиз Ер остидагилар…»

КЕЛАЖАККА КЕТАЁТГАН МАКТУБ
АБДУЛЛА ОРИПОВ, ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ

1966-йил Тошкентда зилзила бўлди. Юзлаб, минглаб одам Ер остида қолди. Ҳаммаёқ хонавайрон бўлди. Уйлар қулаб тушди, йўллар тарс-тарс ёрилди, дарёларнинг ўзани бузилди. Ҳамма жойда йиғи, аза, мотам. Бир бағри бутун одам қолмади. Одамларнинг доду-фарёди Еру-кўкни тутди. Аммо газеталар рост гапни яширишда бир-бири билан пойга ўйнарди. Бири тўрт киши ўлди деса, бири йўқ, уч киши ўлди дер, ҳаммасини йиғиб келганда асло ўнтадан оширмас эди. Ҳолбуки бутун – бутун маҳаллалар Ер остида қолиб кетганини билмаган, кўрмаган, эшитмаган одам йўқ эди. Ҳолбуки, бир маҳаллада ўн кишининг ёстиғи қуриган оилалар ҳам кам эмасди. Газеталар эса нуқул карнай-сурнай чалган отарчиларни расмини чиқарарди, бахтли саодатли келажак ҳақида гапирарди, кетмон кўтариб шахдам шахдам қадамлар билан пахтазор сари кетаётган забардаст забардаст йигитларни, атлас кўйлак кийиб олма тераётган лобар қизларни, меҳнатга, бунёд этишга чорлаётган комсомолларни, коммунистларни шодон қиёфада кўрсатарди-ю, аммо ҳеч кимдан аҳволинг қалай, дилингда нима дардинг бор деб сўрамасди. Дардини айтиб борганларни ҳам, дардига дармон бўладиган мард топилмасди. Ёлғончилик, дабдабабозлик, халқнинг кўзини кўр қилувчи кўзбўямачилик хукуматнинг ҳар кунлик иши эди.
Ўша кунлар қайғу аламда “Келажакка мактуб” деган шеър ёздим. Шеър сўнгида шундай сатрлар бор эди: “Тинч ётсин десангиз Ер остидагилар, Ер устида ёлғон сўзламанг асло!”
Лекин бу шеърни ҳеч ким, ҳеч жойда чоп этишни истамади. Ёлғон сўзламасанг Ер устида яшаб бўлмаслигини ҳамма биларди. Совет замонини бошқариб турган мафкура ёлғончилик асосига қурилганини, одамларни алдаш муқаддас урфга кирганини ҳамма биларди ва билишини ҳамма бир-биридан яширарди. Лекин мен бу шеърни йиғилишларда, Ижодий учрашувларда, мажлисларда ўқиб юравердим. Эркак муҳаррирлардан бир гап чиқмагач, бир кун “Саодат” журналининг Бош муҳаррири Зулфия опа мени Уюшмада учратиб қолиб, “Олиб кел, шу шеърингни мен чиқараман” – деб, кўнглимни кўтардилар. Эртаси куни таҳририятга шеъримни кўтариб бордим. Аёл кишининг бағри кенгроқ, анчайин мардлиги ҳам бўлади шекилли, “Абдуллажон, шеърингиз менга анча маъқул тушди, фақат бир жойи сал ўйлантириб турибди, шу жойига озгина ўзгартириш киритолмаймизми?” –деб қолдилар. Мен: “Зулфия опа, қайси сўзларни айтаяпсиз?” — дедим. «Мана бу, “Ер устида ёлғон сўзламанг” деган жойини?”- дедилар. Мен: “Шеър устида –дея ўзгартирсакчи?”-дедим. – Ана энди тўғри бўлди! – дедилар Зулфия опа. Бу шеърнинг биринчи чиқиши шундай ўзгартирилиб чиққанди. Кейинги нашрларда у асл ҳолига қайтиб, “Ер устида..” бўлиб чиқди.
Аммо Ер усти ҳали ҳамон нотинч эди. Зилзила уч ой давом этди. Зилзила кунлари осмонда оппоқ нур пайдо бўлганини кўрганман. Ер кунда кунора бир силкинарди. У силкинишни бошлаган заҳоти одамларнинг ҳам юраги ўйнай бошларди. Ҳамма юрагини ҳовучлаб ўтирарди. Одамлар юрак ўйноғидан жон берарди. Академик шоир Ғофур Ғулом ҳам қавму-қариндошлари, ҳамшаҳарлари доду-фарёдига, чеккан адоқсиз изтиробларига, кули кўкка совурилган она шаҳрининг оғир мусибатига чидолмай оламдан ўтди. Коммунистлар шу ерда ҳам ўз ёлғончилик сиёсатига содиқ қолдилар, газеталар шоир зилзила туфайли эмас, ўз ажали туфайли бу дунёни тарк этганини ёздилар. Чунки, коммунистик мафкуранинг тутган сиёсати бўйича гуллаб яшнаб турган дориломон замонда, қайғу аламдан, дарду-изтиробдан ҳеч бир зот ўлиши мумкин эмасди.
“Келажакка мактуб” дея номланган шеърим ҳали ҳамон келажакка мактублигича қолмоқда, “Тинч ётсин десангиз Ер остидагилар, Ер устида ёлғон сўзламанг асло” деган сатрларимиз эса ҳали ҳамон долзарблигича қолмоқда ! Бу мактуб Ер устида ёлғон тугасагина ўз эгаларига етиб боради! Аммо ҳозирча у ҳамон йўлда кетиб бормоқда !

Ёзувилар уюшмаси аъзоси, шоир Муҳаммад Исмоил

Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

1 шарҳ: Абдулла Ориповнинг келажакка мактуби ёҳуд «Тинч ётсин десангиз Ер остидагилар…»

  • Уша машум зилзилада канча инсон вафот этган. Сайт ходимлари аниклик кирита оладими. Шу тугрисида маълумот берилса жуда яхши буларди.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

6 + двенадцать =