Ишонинг, бузиладиганлар бузилиб бўлди. «Миллион» тут не причем

Таниқли журналист Диёр Имомхўжаев «Миллион» атрофидаги машмашаларга ўз фикрини билдирди. Журналист ўз блогида “Миллион” учун “жон куйдираётган” миллионлар, кўнгилни кенгроқ қилинг» номли мақолани эълон қилди.

Даврон Кабулов билан шахсан танишман. Шахс сифатида қандай одам — фикрим ўзимда қолади. Бироқ ижоди ҳақида гап кетганида, ўзим ундан бир нималарни ўрганганимни яширмайман. Сарказм деймизми ёки умуман матн тузиш, унинг олдига тушиш қийин. Бир гап билан айтганда, ўз ишининг устаси.

Адашмасам 2,5 йил аввал у бошчилик қиладиган “Миллион” жамоасининг лицензияси олиб қўйилганди. Бу кимга таъсир қилган билмадим-у, КВН концертларига бирор марта ҳам ташриф буюрмаган мендек одамни ўйлантирмаган ҳам. Шунчаки “Ўзбекнаво” аслида қандай ташкилот экани ҳақидаги хулосаларим янада бойиган.

Нега? “Ўзбекнаво”дагилар ҳам ўша концертни мухлислар қаторида томоша қилган (катта эҳтимол билан). Лицензия эса концерт дисклари сотувга чиққанидан кейин олинган. Бунда 2 та вариантим бор: оғзаки буйруқ (биздаги мода) ва “маънавият ҳимоячилари” (қўштирноққа олганим учун узр сўрамайман). Агар олиш жуда зарур бўлганида эди, берилган концертнинг эртасигаёқ шу иш қилиниши керак эди, алоҳида бир буйруқ кутилмасдан.

Ҳа, мен на “Миллион”нинг ва на “Дизайн”нинг концертига тушаман. 50-60 минг сўмимни бошқа нарсага сарфлайман. Жуда чидай олмасам, сотувга чиқарилган лицензион дискини олиб қўя қоламан — 10 баробар арзонига (келажакда тушмайман демадим, балки ўзимга позволять қиларман вақти келиб).

Ва мен аёлим ёки онамни олиб, “Миллион”нинг концертига олиб бормайман. Укаларим ёки дўстларим билан уни томоша қилишим мумкин. Балки шунинг учун бўлса керак, “Миллион”дан оилавий кўрса бўладиган нарса талаб ҳам қилмайман. Оддий мисол, сиз чойхонага, саунага ёки дискотекага оилангиз билан бормайсиз, шундайми? Буни ҳам шунга ўхшаш нарса сифатида қабул қилинг, тамом. Ким истаса, бемалол оиласи билан ташриф буюрсин, унинг ўзи оиласи ва унинг келажаги учун ўзи жавоб беради, менинг ҳам, сизнинг ҳам ишимиз бўлмасин.

“Миллион” концерти олдидан оилангиз билан келинг деган чорловни илгари сурганини кўрмадим. Ва чипталарини мажбурлаб ҳам сотмади. Уни қадрлайдиган, унинг концертларини қолдирмайдиган аудитория бор. Жамоа ҳам ўшалар учун концерт қўяди. Улар оилавий кўрса бўладиган дастур тайёрлаш кафиллигини олмаган.

Агар “Миллион”нинг концерти “Ўзбекистон” ёки “Ёшлар” телеканалида эфирга узатилса, унда бемалол. Порталга ёзасизми ёки бошқа — нисбатан тўғрироқ бўлади. “Миллион” концертига бормаслик ва уни умуман кўрмаслик ўз қўлимизда бўлгани ҳолда, нега энди унинг ижодига тўсқинлик қилишимиз керак? Фақат эркаклар учун ҳазил қилади деб ҳисоблаймизми, аёл киши бўлсангиз узоқроқ юринг, эркак киши бўлсангиз, ўзингизги тегишли аёлларни юборманг.

Биз эса негадир ёзувчиликка шўнғиб кетдик. Кимдир бошқариб турган Castrol’га хўжайин бўлишни истаган ёзувчилар, турмушга чиқа олмаётганидан нолиб, порталга ёзадиган қизлар ва ҳоказо. Ҳаммасига меҳнат билан эришилади, тақдир инъом этади кимгадир нимадирни.

Фарзандларимиз бузилиб кетади, дейсизми? Ишонинг, бузиладиганлар бузилиб бўлди. Уларни тўғирлаш учун най чалиб ўтирган чолни эфирга олиб чиқиш ёки 2 мисра шеър ёзиш камлик қилади. Сиз айтган бузилиб кетганлар додамнинг замонида ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Сиз фарзандингиз ёки яқинингиз учун жавоб беринг, мен шундай қилай — қурбимиз етадигани шу. Чунки қўшни подъездаги қизга узунроқ юбка кийдириб қўёлмайман, ҳаммага кўндаланг қўйиб, йўлнинг қарама-қарши қисмида машина ҳайдайдиган одамларни одобга чақира олмайман, кучим етмайди. Ишни етадиганларга қолдираман.

Аслида лицензияни олиб қўйиш деган совуқ бир нарса одамларни шундай қилиб қўйди. Нега олинади лицензия? Ўғрилик қилдими? Ёки солиқларни яширдими? Қаллоблик билан шуғулландими? Одамларнинг ўзи бермоқда артистга ҳам, бошқасига ҳам шу пулни. Орзу-ҳавас қули бўлгани учун, кимнингдир олдида очко ишлаш учун, тўғрими? Унда нега “Миллион” ёки бошқанинг устидан ёзиш керак, шунисига тушунмайман.

Комментларда танқид қилаётганлар, концерт бир тийин бўлганини қайд этаётганларга ҳеч қандай эътироз йўқ. Улар фикрини айтмоқда, бунга ҳақли. Ҳамма гапира олиши керак, бугун ўша комментлар ва умуман ижтимоий тармоқлар одамлар учун минбар вазифасини ўтамоқда. Бироқ кимнингдир тирикчилиги ёки кайфининг белига тепишдан нима наф?

Агар “Миллион” ўша уятсиз ҳазилларини маҳаллангизга келиб, микрофонда айтиб юрса, тош отиб ҳайданг, ярашади. Унинг бунга ҳаққи йўқ. Аммо сиз етиб бора олмайдиган жойда ўз мухлислари учун концерт қўйса, бунинг нима ёмон томони бор? Гуноҳ, бидъат, маънавият каби масалаларни ўз ҳолига қўйинг, ҳаммаси учун ўзи жавоб беради. Қандайдир аёлни саҳнага олиб чиқиб, калака қилгани учун ҳам.

Жасур Умиров билан қилинган ҳазил менга ёққанди. Канизаники бироз ёқмади, фикрим шундай. Шартми аёл кишини шундай қилиш. Бироқ шартми аёл кишига ўзини кўз-кўз қилиб саҳнага чиқиш? Шу йўлдами, шу қозондами — энди аёллигини билиб, кўз ёш тўкишдан нима фойда?

Мен Лола Аҳмедова ёки Насиба Абдуллаевани кимдир шу ҳолга солишига ишонмайман. Уларнинг юриш-туришидан тортиб, санъатига қадар ҳурмат қиламан. Ўша “машҳур қиз” айтган репутация балки шунинг ўзгинасидир.

Қолганичи? Ҳазиллар уятсизми? Ўзи латифаларнинг ярмидан кўпи шундай бўлади, эътибор берганмисиз? Ҳожибой Тожибоев ниманинг эвазига қадр топган, ўша белдан пасига тушмагани учун, тўғрими? Кампирлардан тортиб, маънавият куйчиларига қадар уни эзозлайди. Ҳақиқий халқ ардоғидаги киши. “Миллион” ёки яна шундай кимдир бунга даъвогарлик қилаётгани йўқ. Уларнинг ўз аудиторияси бор, ўз қарашлари, ўз истаклари ва ўзига яраша қобиляти бор.

Даврон Кабулов ўз ишини эплаган бола. Ёнидаги шерикларини шахсан танимайман, бироқ орасида талантлилари бор деб ҳисоблайман. Бежизга шунча минг одамни битта залга йиғиб олмаган. Омадини берсин. Ўзим ҳам кулиб томоша қиламан ўша концертни.

Кимнингдир овозини ўчириш учун бундай ҳаракат қилинмайди. Мен журналистман, менинг ёзганларим ёқмасдан, кимдир порталга ёзса ва мени кўздан йўқотмоқчи бўлса — бу нормал ҳолат эмас. Айтайлик, сиз бозорда ишлайсиз. Нархни умуман туширмайди деб, устингизда порталга ёзса — бу нормал ҳолат эмас. Орамизда қурувчилар бор, қилган иши чала, бундай одам умуман уй қурмаслиги керак деб кимдир порталга ёзса — нормал ҳолат эмас.

Портал одамларнинг оғирини енгил қилиш учун, муаммоси борларга ёрдам бериш учун очилган ва шу мақсадда ишламоқда, кимнидир чақиш ёки сотиш учун эмас. Қаллобми, муттаҳамми, марҳамат, судга арз қилинг. Ноҳалол пул топмоқдами, исботланг ва тозаланг жамиятни шундай каламушлардан. Қўллаб-қувватлайдиганлар ҳам топилади. Аммо нега керак бировнинг устидан ёзувчилик қилиш ёки шаллақи одамга ўхшаш? “Чакаги ўчсин-а” деб, юз буриб кетадиган хотинлар бор. Кўрмайди ҳам, куймайди ҳам. А сизга нима?

Кўнгилни кенгроқ қилинг, кўк чой дамлаб, Абдуҳошим Исмоилов ёки Линдсей Стерлингни эшитинг. Шералини эсланг. Борманг шу “Миллион”нинг концертига. Фарзандларингизга ҳам айтинг, ота-онасини рози қилиш улар учун ҳам фарз, ҳам қарз. Кўришмайди ўша “Миллион”ни. Бироқ уни кўраётган ва сиздан кам бўлмаганми 100 мингта одам борми, уларни ҳам ҳурмат қилинг, аралашманг ишига. Арпангизни ҳом ўрмаган-ку.

Каниза эса бемалол судга берсин, тортишсин. Ўзининг иши. Кимдир чиқиб изоҳ қолдирсин, “Даврон, яхшими аёл кишини шундай қилиб, лекин Умировни боплагандинг”, деб. Ишонтириб айтаман, хулоса чиқаради ҳар қандай одам, етиб боради. Шундай мухлислар бор, фикрини аниқ ва теран тушунтириб қўядики, ўша ижодкорнинг бир умр қулоқларида жаранг сочиб туради. Биз эса ўзимиз бузилиб бўлдик. Ёзувчиликни одат қилдик (аслида кўкка кўтарадиган аждодларимиз орасида ҳам бўлган бундайлари, шунинг учун ҳам Чўлпон ёки яна кимдир отилиб кетаверган и так далее). Комментларга қаранг, оғзидан бода кириб, шода чиқади одамларнинг. Айнан шулар “Миллион” ёки бошқасига тўғри йўл кўрсатмоқчи бўлади. Синглиси бор бўла туриб, Каниза ёки бошқасига лой чаплайди? Савол: ярашадими шу эркак кишига.

Ҳа, ҳамма хато қилади. Мен ҳам, сиз ҳам, Кабулов ҳам. Беайб парвардигор. Вақти келиб буни ҳамма тушуниб етади, ҳаммамиз хулоса чиқарамиз. Шундай экан, нега керак шапкасини ол деса, калласи билан олишни ният қилиш ёки шунга қасдлашиш?

Менга “Миллион”нинг сўнгги концерти ёқди. Яхши чиқишлар бор унда. Ўша Кабулов концерт сўнггида ўқиган шеърни алоҳида топиб, сақлаб қўядим ҳам. Жамоанинг нияти кимнидир қаматиш ёки пул ювишмас, мухлисларини хурсанд қилиш, ном қозониш, шунинг орқасидан бизнес қилиш. Бу яхши нарса ва ишонинг, улар ҳисоблашадиган жойлар ҳам бор. Уларни меъёрда ушлаб турадиган одамлар ҳам бор. Сиз яхшиси ўзингизга эътибор беринг ва ишингизни қилинг. Улар меҳнатидан солиқ тўламоқда, бир неча кишини иш билан таъминламоқда. Уларни истайдиган аудитория борми, чиқишда давом этаверади. Муҳими сиз ёки менинг уйимда чиқиш қилмайди, бундан кўнглингиз тўқ бўлсин. Ва унутмангки, одамларнинг ҳаммаси ҳам сиз истагандек яшашга мажбур эмас. Қолганларнинг елкасида ҳам сизники каби боши бор.

Қўпол гапларим учунгина узр сўрайман. Чақимчиликдан, ичи қораликдан ва кўпга ҳиёнат қилишдан ўзи асрасин!

Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

13 шарҳ: Ишонинг, бузиладиганлар бузилиб бўлди. «Миллион» тут не причем

  • Миллион жамоасини йук килиш кере гап тамом гирт бузикликни таргиб киладиган шахслар йигилган 1тийинга кимматлар!!!! Ундан кура Хожибой Тожибоевни эски записьларини эшитиб курган яхши!!!!

  • Диёр сизни качон курамиз экранда урганган, кутиб утирадиган (очик- сочик маьноли) фудбол дастурини. Балки уриниб курарсилар имкони бордир-а?????

  • «Бехзод» сен каерда туриб гапиряпсан тентакмисан ердамисан ё гўрдамисан.

  • O‘zimga pozvolya qimiman dismi hurmatli avtor😂

  • Диер Имомхужаев сизнинг маколангизни укиб чикиб шуни тушундимки демак сизнингча миллион жамоасини уз мухлислари бор уни бунга солиштирманг буни унга солиштирманг улар буни даво килишмаяпти хеч кимни мажбурлаб концертга олиб келишмаган хуллас бунга оддий хол деб караш керак чунки бузилганлар бузилиб булган тарбияни биз килолмаймиз биринчи уринда хамма иллатлар бефаркликдан бошланади бугун бунга эътибор бермаймиз эртага эса бошка нарсага карабсизки европа давлатларидагидек бузукликлар оддий хол деб каралгандек бизда хам хар хил бузукликлар оддий холга айланади хар бир миллатни узини йули бор бировга таклид килиши керак эмас бальки сиз учун дин диенат маънавият баландпарвоз гаплар булиши мумкин агар сиз айтганингиздек одобга чакиролмайдиган булсангиз хеч булмаса буларни оклаб чикманг

  • Сендака таникли журналистга суф-э.Маданият борми сенда?Узбек халкига хурматинг борми сенда?Каерда таълим тарбия олгансан?Ота-Онанг бундай гапларни айт Демагандир?

  • Million auditoriyasi siz baho bergandan kora ancha keng. Ular etirozlarni albatta korib choqishlari shart menimcha. Siz esa umuman jurnalistga oxshamabsiz fikrlaringiz bn.

  • men ham «million» jazolanishi tarafdoriman.hamma bunlardan o’rnak olib o’zini bema’ni tutishiyapti

  • Choyxona, sauna va diskotekani katta sahnaga tenglashtirgan inson bu manaviyatsiz insonning gaplari

  • Диёр Имомхужаев сиз кандай журналистсиз? авал соф ўзбек тилида гапиришни ўргниб олинг! Миллион жамоасига Давронни керраги йўқ! ўзлари яхшироқ!

  • Миллионга омад. Буларни ҳам ўз йўли бор. Ёққанлар кўрсин, ёқмаганлар ўчириб қўйсин. Иллатларга ҳар хил йўл билан ишора қилиш мумкинку. Кулгуга, гапга в.х.к. қолмай десанг тўғри юр. Халқ хизматидаман десанг ўзингини эплаб юр.

  • Diyor yon qo’shningiz fohishaxona ochsa,bunga qanday qaraysiz,bunga ham muhtojlar bor ,boradiganlar borsin,men va farzandlarim bunga e’tibor bermaydi deysizmi?
    MABODO QIZINGIZ MILLION JAMOASI KONSERTIGA KIRSA ,BUNGA QANDAY QARAYSIZ?
    BILAMAN ODAMLAR BACHKANALASHIB BORAYABDI,SAHNADA CHICHIB BERSA HAM KULUVCHILAR BOR.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

четыре × один =