Лола Каримова отаси бошлаган ишни давом эттираётганидан мамнунлигини айтди

Ислом Каримов Фонди иқтидорли йигит ва қизларни Европа ва АҚШнинг нуфузли олий ўқув юртларида магистратура дастури бўйича таълим олишлари учун грантлар тақдим этиш мақсадида танлов эълон қилганлигини сизга маълум қилишдан бағоятда мамнунман.
Ислом Каримов Фонди грантлари қуйидаги мутахассисликлар бўйича берилади: табиий фанлар (қайта тикланувчи энергия манбалари, кимё), сув ва ер ресурсларини бошқариш, машинасозлик технологиялари, озиқ-овқат технологиялари, озиқ-овқат хавфсизлиги, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва маркетинги, архитектура, дизайн (маҳсулот дизайни, саноат ва меъморчилик дизайни), рассомлик.
Фонд грантларининг совриндори бўлишни истаган ёшлар инглиз, немис ёки француз тилларини аъло даражада билишлари ҳамда олий ўқув юртларини муваффақиятли битирган бўлишлари лозим.
Грант совриндорларининг чет элда таҳсил олиш ва яшаш харажатлари (икки йилгача) Фонд томонидан молиялаштирилади.
Ислом Каримов Фондининг грантлари ва танловга оид қўшимча маълумотга қуйидаги саҳифа орқали эга бўлишингиз мумкин http://www.fondkarimov.uz/uz.html
Менинг отам ватанимизнинг ёрқин келажагига доим ишонганлар, ёш авлод ва унинг интеллектуал салоҳиятига жуда катта умид билан қараганлар.
Мен тасодифларга ишонмайман. Буни қаранг-ки, тақдир тақозоси билан, айнан 20 йил олдин шу куни Биринчи Президентимиз ташаббуси билан «Умид» жамғармаси ташкил этилган эди. Ушбу жамғарманинг грант дастурлари орқали 1990 йиллар оҳири — 2000 йиллар бошида 800дан ортиқ истеъдодли йигит ва қизлар АҚШ, Буюк Британия, Италия, Франция, Германия ва Япония университетларида таҳсил олиб келдилар.
Отам мустақиллик йиллари вояга етган ақлли ва эркин фикрлайдиган ёш авлод билан қанчалик фахрланишларини менга кўп маротаба айтганлар. Ва ҳар сафар бу борада сўзлаганларида қўзларида қувонч ва ифтиҳор туйғуси жўш урарди.
Мен падари бузрукворим каби она юртимизнинг келажагига ва янги авлод салоҳиятига астойдил ишонаман ва Ислом Каримов Фондининг грант дастурларини эълон қилишдан ниҳоятда хурсандман.
Ишонаманки, Ислом Каримов Фонди томонидан тақдим этиладиган ўқув грантлари юртимизда истиқомат қилувчи кўпгина йигит ва қизларга ўз интеллектуал салоҳиятларини кенгайтиришга ва Ватанимиз ривожи ва тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшишга имконият яратади.

Лола Каримова Тиллаеванинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан  олинди

Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

восемь + пять =