Шаҳмат доскасидаги Қорабоғ “сценарий”си

Озарбайжоннинг Арманистон ҳукуматига ва халқаро ҳамжамиятга қилаётган такрор-такрор мурожаатларига қарамай, Арманистон томони халқаро гуманитар ҳуқуқ талаблари, хусусан, Женева конвенциясига зид равишда арман қуролли кучлари уштирган иғвогарлик чоғида ҳалок бўлган озар аскари Чингиз Гурбанов жасадини қайтаришдан бош тортмоқда. Шубҳасиз, бу ҳатти-ҳаракатлар расмий Ереваннинг минтақада кескинликдан манфаатдлор эканлигини кўрсатади.

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Тоғли Қорабоғ учун бир неча бор қуролли низолар келиб чиққан. Мазкур вилоят Кавказорти минтақасида, Арманистоннинг шарқий қисмида жойлашган. Аҳолининг асосий қисмини этник арманлар ташкил этувчи Тоғли Қорабоғ учун дастлабки урушлар ХХ асрнинг бошларига тўғри келади. 1905-1907 ва 1918-1920 йилларда икки марта арманлар ва озарлар ўртасида бу ҳудуд учун қонли тўқнашувлар юз берган.

1921 йилда Коммунистик партиянинг Кавказ бюроси Тоғли Қорабоғнинг келгуси тақдири ҳақида қарор қабул қилди. Унга кўра вилоятга автоном мақоми берилиб, Озарбайжон ССР таркибида қолдирилади. Вилоят расман 1937 йилдан бери Тоғли Қорабоғ автоном вилояти(ТҚАВ) деб атаб келинади.
1930 йиллар охирида Озарбайжон ССР ҳудудида маъмурий-ҳудудий ўзгаришлар натижасида Арманистон ва Тоғли Қорабоғни ажратиб турувчи Лочин коридори тузилади.

Собиқ Иттифоқ даврида бир неча бор арман ҳукумати Тоғли Қорабоғни Арманистонга бериш ҳақидаги масалани кўтариб чиққан, лекин марказ буни рад этган. 1960 йилларда ўлкадаги кескин ижтимоий-иқтисодий вазият оммавий тартибсизликларга сабаб бўлган.

ХХ асрнинг 80-йилларига келиб Тоғли Қорабоғ атрофидаги можаролар яна фаоллашди.  Ереванда ўтказилган оммавий намойишларда арманлар Тоғли Қорабоғни Арманистонга берлишини талаб қилдилар.

1988 йил февраль ойидан эътиборан Арманистон ва Озарбайжон ўртасида можаролар бошланиб кетди. Ўша кундан бошлаб Озарбайжон ҳудудий яхлитлиги учун кураш олиб боради. Арманистон эса мустақиллиги тан олинмаган республика манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Арманистон нафақат Тоғли Қорабоғни, балки унинг атрофидаги Озарбайжонга тегишли еттита туманни, яъни Озарбайжон ҳудудининг 20фоизини оккупация қилган. Бунинг оқибатида 1 миллиондан ортиқ озарбайжонлик ўзларининг киндик қони тўкилган маконларидан бош олиб кетишга мажбур бўлди. Энг даҳшатлиси, Озарбайжоннинг Хўжали шаҳрига уюштирилган ҳужумда кўплаб инсонлар геноцидга учради. 7 минг аҳолига эга бўлган Хўжали шаҳрида Арманистон ҳарбийлари томонидан тинч аҳоли қирғин қилинган. Бу Озарбайжон-Арманистон тўқнашувларидаги энг шафқатсиз қон тўкилишидир.

Озарбайжон ҳукуматининг маълумотларига кўра, Хўжали геноциди даврида 613 киши ўлдирилган, турли ёшдаги 1000 нафар тинч аҳоли яраланиб ногирон бўлиб қолган. Ўлдирилганлар орасида 106 нафар аёллар, 63 нафар кичик ёшдаги болалар ва 70 нафар кекса ёшдаги одамлар бўлган. Мазкур фожиа содир бўлган кечада 1275 нафар тинч аҳоли асирга олинган, улардан 150 кишининг тақдири ҳалигача номаълум. Бошқа манбаларда айтилишича, 1992 йил 25 февралдан 26 февралга ўтар кечаси Арманистон ҳарбийлари томонидан шаҳарга ҳужум уюштирилиб, тинч аҳоли ўққа тутилади ва бунинг натижасида 161 нафар этник озарбайжонлик ҳалок бўлади.

Ўтган йиллар давомида можарони тинч йўллар билан ҳал қилиш борасида қатор музокаралар ўтказилди. ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ташкил этилди. 1992 йилда бошланган гуруҳ воситачилигидаги мулоқотлар шу кунгача қуруқ декларация ва ниятлардан нарига ўтолмади. Экспертлар фикрича, Минск гуруҳи ҳамраислари Россия, АҚШ, Франциянинг зиддиятда тўла бетарафликни сақлаб қололмагани муаммонинг чўзилиши сабабларидандир.

Яна айрим кузатувчилар муаммо калити Москва қўлида эканлигини айтишади. Негаки, Кремль Арманистонга ҳам, Озарбайжонга ҳам, Тоғли Қорабоғга ҳам бевосита таъсир кўрсата оладиган томондир. Можародаги томонлардан бирининг Москва иҳтиёрига зид сиёсати юз берган тақдирда Тоғли Қорабоғ сценарийси ўйналади. Бу билан Россия Кавказдаги таъсир доирасини сақлаб туриш имкониятини кучайтиради. Бу кўринишдаги сиёсат Жанубий Осетия, Абхазия, Днестрбўйи, Украина шарқидаги ҳодисаларда ҳам кўзга ташланади.

Тан олиш керак, бугун Кавказнинг энг фаровон ўлкаси саналган Озарбайжон тинчликсевар давлат. Ҳудудининг 20 фоизи оккупация қилинганига қарамай,  расмий Боку Тоғли Қорабоғ муаммосини БМТнинг қатор резолюциялари асосида тинч йўллар билан ечилиши тарафдори. Демак, халқаро ҳамжамият қарорлари ва талабларига сўзсиз риоя қилинишигина минтақада узоқ кутилган тинчлик ва барқарорликнинг ўрнатилишига олиб келади.

Ўзбекистонимизнинг ҳам бу борада ўз қатъий қарашлари бор. Тоғли Қорабоғ Озарбойжоннинг таркибий қисми, муаммо халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида ҳал қилиниши керак.

Абдували Сайбназаров

tnews.uz

 

Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

двадцать − 7 =